Click to listen highlighted text!
Сўнги янгиликлар

Огоҳ бўлайлик, азиз юртдошлар!

Огоҳ бўлайлик, азиз юртдошлар!

Назаримда мамлакатимизда ҳукм сураётган ҳолат мураккаблашиб бораётганини ҳали тўлиқ англамадик, шекилли. Карантин тадбирларига риоя қилмаслик, бесамар кўчаларни кезиб юриш, мутасадди ходимларнинг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Телевидениенинг деярли барча каналларида асосан коронавирусга оид кўрсатувлар, лавҳалар, роликлар берилаяпти. Барча соҳа эгалари коронавирус касаллиги профилактикаси бўйича қандай ишларни амалга ошириш кераклиги ҳақида тинмай огоҳлантирмоқдалар.

Амалга оширилаётган шу ишлардан кейин касалликнинг клиник белгилари, ундан ҳимояланиш усуллари ҳар бир юртдошимизнинг оддий кун тартибига киритилиши керак эди. Минг афсуски айрим фуқароларимизда, ҳанузгача касаллик клиник белгилари кузатилсада, уни билмасликка олиб, тиббиёт ходимларига мурожаат қилмасдан, анча вақт ўтгандан сўнг, соғлиғи оғир аҳволга келиб қолгандагина шифокорларга мурожаат қилаётган юртдошларимиз ҳам бор. Энг ачинарлиси, ушбу беморлар ўз атрофидагиларни, яқинларини, оила аъзоларини, қўйингки кенг жамоатчиликни ҳам хавф остига қўймоқда.

Куни кеча кўчадан ўтиб кетаётганимда бир аёл 3 нафар фарзандини ниқобсиз олиб кетаётганидан очиғини айтсам жуда таажжубга тушдим. Наҳотки шу каби фуқароларимиз, телевидение, радио, оммавий ахборот воситалари орқали нечоғлик сергак, огоҳ бўлишимиз кераклиги ҳақидаги тавсияларни эшитмаётган бўлсалар?

Мамлакатимиз Президенти томонидан сўнгги 15 кун мобайнида             3 маротаба фуқароларимизга мурожаат билан чиқди. Ғамхўрлик суви билан суғорилган нутқларида коронавирус тарқалишига қарши курашни кучайтириш, фуқаролардан берилаётган тавсияларга тўлиқ амал қилиш, пандемияга қарши курашда масъул, интизомли ва ҳамжиҳат бўлишига алоҳида эътибор бермоқдалар.

Бир эътибор беринг, хамюртларимиз олдига ўзларини қўлларидан келадиган, катта маблағ сарф этилмайдиган оддий вазифалар қўйилмоқда. Биз барчамиз бу чақириқларга лаббай деб жавоб берадиган фурсат келди. Бугунги кунда коноравирусга қарши чора-тадбирларга риоя этмаётган фуқароларимизни тартиб-интизомга чақириш — ўз ҳалқини, юртини севган ҳар бир юртдошларимизни ҳаёт тарзига айланиши лозим, энг кичкина, майда деталлар ҳам диққат марказимизда бўлмоғи лозим.

Беморлар учун қурилаётган касалхоналар, тиббиёт ходимларига берилаётган имтиёзлар, тадбиркорларга кўрсатилаётган ёрдамлар, таълим муассасаларини масофавий режимга ўтказилиши, солиқ тўловлари бўйича тўлов муддатларини юмшатиш, ижара тўловлари бўйича амалий ёрдамлар, аёлларни иш билан таъминлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, ёши кекса онахону-отахонлар оилаларига беғараз ёрдамлар, буларнинг барчаси — мамлакатимиз раҳбарининг ўз фуқароларига кўрсатаётган чексиз меҳр-оқибати, деб биламан.

Бас шундай экан, келинг қўлни-қўлга бериб, бир-биримизга чексиз муҳаббат ила, ҳурматни жойига қўйиб, ушбу касалликни олдини олиш бўйича эртаю-кеч тинмай меҳнат қилаётган барча ходимларни меҳнатларини авайлайлик, қадрлайлик, берилаётган тавсияларга тўлиқ амал қилайлик. Фақат шундагина ушбу касалликни енгиб чиқишимиз мумкин, очиғини айтай,  бу ишлар барчамизни қўлимиздан келади.

Мамлакатимизда касаллик дастлаб 15 март куни қайд этилган бўлса, мана 22 кунда касалланганлар сони 400 нафардан ошиб кетди. Вазият жиддий экани ҳар биримизни ўйлантириши лозим. Кузатувлардан маълум бўляптики, бир бемордан 400 дан ортиқ одамга касаллик юқиши мумкин экан. Тасаввур қилинг, фуқароларимиз ўз вақтида карантинга олинмаганда, улар даволанмаганда қандай вазият юзага келиши мумкин эди? Айрим фуқароларимиз эса, ҳаттоки карантиндан қочиб кетишга уринмоқдалар, бундай ҳолатлар ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада кучайтирди. Фидойи тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаш, хизматини баҳолаш, тизимни зарур дори-дармон, тиббий ускуна ва буюмлар билан таъминлашдек кечиктириб бўлмайдиган янги чоралар кўрилди.

Кўрилаётган чора-тадбирлар тезда ўзининг самарасини бера бошлади. Ҳали давоси топилмаган касалликдан тузалаётган ватандошларимиз ҳақида ҳар куни янгилик эшитяпмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган 30 нафар бемор бутунлай соғайганини маълум қилди. Бунда албатта, тиббиёт ходимларини хизматлари чексиз.

Хизмат юзасидан ўтган йили пойтахтда юз берган бахтсиз ҳодисаларни таҳлил қилганимда, 3 та ҳолатда Тошкент шаҳар тез ёрдам станцияси шифокорлари, ўз хизмат вазифаларини амалга ошираётган вақтда, беморларнинг отаси, ака-укалари, дугоналари уларни қаттиқ дўппослашган, бунинг оқибатида уларнинг уччаласига тиббий муолажалар кўрсатилиб, барчалари шифохоналарга ётқизилдилар, бугунги кунда даволаниб чиқдилар. Ахир, бугунги кунда ҳақиқий қахрамонларга айланиб улгурган тиббиёт ходимларига муносабат шуми?

Азиз юртдошларим. Ҳозирча касалликни тўла жиловлай олганимиз йўқ, чунки оммавий ахборот воситалари орқали ушбу касаликка чалинганларнинг сони камаймаяпти. Аммо тез орада бу кунлар ўтиб кетиб, яна осуда, барқарор ҳаётни гувоҳи бўламиз. Шу кунлар келганда, бугунги кундаги вазият ва воқеаларга оддий томошабин бўлиб турганлар уялиб қолмасинлар, яхши кунларга оз фурсат қолди.

Мард халқимиз бундай қийинчиликларни сабр-бардошлик, ҳамжиҳатлик билан ҳамиша енгиб келган, бу гал ҳам шундай ҳам бўлишига ишончим комил. Дуогўй отахонлару, мунис онахоналаримиз биз учун ҳаёт намунасидир, уларнинг панду-насиҳатларига оғишмай амал қилайлик!

Оллоҳ барчамизни, жумладан жаннатмакон юритимизни ўз паноҳида асрасин!

                                     Тошкент шаҳар касаба уюшмалари   

 ташкилотлари бирлашма Кенгаши меҳнатни     

    муҳофаза  қилиш бўлими мудири   Р.Махамадалиев  

 

Print Friendly, PDF & Email

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам:

Click to listen highlighted text!